Ўзбекистон География жамияти

Географическое общество Узбекистана

Foto Ўзбекистон География жамияти 120 йилдан узоқ бўлган тарихи 1897 йилда Тошкентда Императорлик Рус География жамияти Туркистон бўлимининг ташкил этилганлигидан бошланган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон География жамияти нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга бўлган республика илмий жамиятларидан бири ҳисобланади.

Бош сахифа / Ўзбекистон География жамияти ҳақида / Раислари

Ўзбекистон География жамияти Раислари

С.И.Жилинский (1838-1901)

ИРГЖ Туркистон бўлимининг биринчи раиси таниқли топограф Станислав Иванович Жилинский (1838-1901) эди. С.И.Жилинский Фарғона водийси, Еттисув ва Ўрта Осиёнинг бошқа ҳудудларида биринчи топографик съёмкаларга раҳбарлик қилди. Унинг тадқиқотлари ўлкадаги кўплаб пунктларнинг географик координаталари ва мутлақ баландликларини аниқлашга ёрдам берди. У Ўрта Осиё турли ҳудудларининг дастлабки топографик хариталарининг муаллифидир. У ҳарбий офицер сифатида инфантерия (пиёда қўшинлари) генерали унвонига сазовор бўлиб, Россия империяси ва Бухоро амирлигининг кўплаб ҳарбий мукофотлари билан тақдирланган. С.И.Жилинский 1900 йилга қадар, яъни истеъфога чиқиб, ўз ватани – Тамбов губерниясига қайтиб кетгунича, ИРГЖ Туркистон бўлимини бошқарган.

В.Ф.Ошанин (1844-1917)

С.И.Жилинскийдан кейин ИРГЖ Туркистон бўлимининг расмий раиси этиб, ўлка генерал-губернаторлари сайланадиган бўлди ва бу ҳолат ўша давр анъаналарига мос эди. Ҳақиқий раҳбарлик эса раис ўринбосари, яъни 1897-1906 йилларда жамиятнинг вице-президенти вазифасини бажарган таниқли биолог ва географ, Ўрта Осиё табиатининг машҳур тадқиқотчиси Василий Фёдорович Ошанин (1844-1917) томонидан амалга оширилган. В.Ф.Ошанин 1880-90-йилларда Олой водийси, Бадахшон ва Помир табиатини ўрганган. Ушбу экспедициялар натижасида у муҳим орографик аҳамиятга эга бўлган Петр Буюк тизмаси ва Ўрта Осиёдаги энг йирик Федченко музлигини кашф этди. Биолог сифатида унда асосан ўлкадаги энтомофауна, яъни ҳашаротлар катта қизиқиш уйғотар эди. У ўлкамизда кўплаб ҳашаротлар турларининг кашф этувчиси ҳисобланади. Кенг доирадаги тадқиқотлар асосида у Ўрта Осиё энтомофаунаси тарқалишининг айрим географик қонуниятларини аниқлади. Илмий фаолиятини амалиёт билан боғлаб, у кўп йиллар давомида Тошкент ипакчилик станцияси фаолиятини бошқарди ва Ўрта Осиёда ипакчиликнинг илмий асосларини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшди. Жамиятнинг Туркистон бўлими асосчиларидан бири сифатида В.Ф.Ошанин 1906 йилгача, яъни Туркистондан чиқиб кетгунича унинг амалдаги раиси (расмий равишда раис ўринбосари) бўлган.

Н.Г.Маллицкий (1873-1947)

В.Ф.Ошанин 1906 йилда Тошкентдан кетганидан кейин Бўлим раиси лавозими йирик тарихчи ва географ Николай Гурьевич Маллицкийга (1873-1947) топширилди. Н.Г.Маллицкий 1918 йилгача ИРГЖ Туркистон бўлими раисининг ўринбосари лавозимида ишлаб келган, 1917 йилдаги инқилоб воқеаларидан сўнг эса Бўлим раиси этиб сайланди. У вафот этишига қадар, яъни 1947 йилгача Ўзбекистон География жамияти фаолиятини бошқарган. Натижада, Н.Г.Маллицкий Ўзбекистон География жамиятини 40 йилдан ортиқ вақт мобайнида, яъни бошқа раислардан кўра узоқ вақт бошқарган. У 1895 йилда Санкт-Петербург Педагогика университетининг тарих факултетини тугатгач, Тошкентга келган ва бу ерда илмий ва педагогик фаолиятни гимназияда тарих ва география ўқитувчиси сифатида бошлади. У ўзбек, тожик ва араб тилларини мукаммал даражада ўрганди, бу унга ўлкада тарихий ва географик тадқиқотларини ўтказишда катта ёрдам берди. 1901-1906 йилларда Н.Г.Маллицкий “Туркестанские ведомости” газетасининг бош муҳаррири эди. 1907 йил январидан 1917 йил Февраль инқилобигача эса у Тошкент шаҳрининг ҳокими эди. 1918 йилдан Туркистон университетида (1920 йилдан бошлаб – Ўрта Осиё давлат университети) ўқитувчилик қилди. 1920-йилларда Ўрта Осиё географияси, топонимикаси ва этнографияси бўйича турли тадқиқотлар олиб борган. Унинг “Махалли и мавзе Ташкента”, “Мусульманский сонник” ва бошқа китоблари бугунги кунда ҳам тарихчилар томонидан кенг фойданилмоқда. 1930-йилларнинг бошларида у ҳибсга олиниб, Чимкентга сургун қилинди, аммо 1934 йилда Тошкентга қайтиб келди. Уруш пайтида у Туркистон ҳарбий округининг кўрсатмасига биноан Ўрта Осиёдаги бир қатор ҳудудларининг табиий географик тавсифини яратди. 1943 йилда Москвага география фанлари доктори илмий даражасини олиш учун “Ўрта Осиё сув ресурслари динамикаси” асарини юборди. Бироқ, бу илмий ишланма йўқолиб қолди, лекин 1945 йил 8 мартда Н.Г.Маллицкийга диссертация ҳимоясисиз география фанлари доктори илмий даражаси берилди. Шу йилнинг ўзида у Республикада хизмат кўрсатган фан арбоби фахрий унвонини олди. 1947 йилнинг 30 октябрида Н.Г.Маллицкий юрак хуружидан вафот этди.

Л.А.Молчанов (1878-1962)

1947 йилда, Н.Г.Маллицкий вафотидан кейин, таниқли зоолог ва географ, Ўрта Осиё иқлимшунослигининг асосчиларидан бири, профессор Лев Александрович Молчанов (1878-1962) Бутуниттифоқ География жамияти Ўзбекистон филиалининг раиси бўлди ва у 1953 йилгача шу лавозимда ишлаган. Ўтган асрнинг бошида Л.А.Молчанов Новая Земля оролларини тадқиқ қилиш мақсадида ташкил этилган В.А.Русановнинг экспедициясида фаол иштирок этди. 1911 йилдан бошлаб Ўрта Осиё табиатини ўрганиш билан шуғулланган. 1920-йилларда Р.Р.Циммерман билан биргаликда Ўрта Осиё иқлимшунослик илмий мактабига асос солди. Ўрта Осиё ва унинг айрим ҳудудлари иқлимини тасвирлашнинг биринчи тажрибалари, шунингдек 1922-1924-йилларда нашр этилган ўлкани иқлимий районлаштириш бўйича дастлабки ишланмалар ушбу олимлар қаламларига тегишли. Л.А.Молчанов муаллифлигига куйидаги илмий ишлар тегишли: «К вопросу о климатическом районировании хлопкового района» (1925), «Климат Таджикистана» (1925), «Климат Туркмении» (1929), «Климат Узбекистана» (1934), «Климатические условия наиболее теплых районов Средней Азии» (1935) ва бошқалар. Иқлимшунослик тадқиқотлари билан бир пайтнинг ўзида, Л.А.Молчанов геологик, лимнологик ва орнитологик тадқиқотлар билан фаол шуғулланган, бу изланишларнинг натижалари 1920-1950-йилларда чоп этилган олимнинг бир қатор илмий монографияларида акс эттирилган. Профессор Л.А.Молчанов Ўзбекистонда табиатшуносликнинг бир нечта соҳаларини ривожлантиришга, хусусан, иқлимшунослик, гидрология, геология, зоология ва биогеографияга катта ҳисса қўшган.

Н.Л.Корженевский (1879-1959)

1953-йилда Николай Леопольдович Корженевский (1879-1959) Ўзбекистон География жамиятининг президенти (лавозим шундай номлана бошлади) этиб тайинланди. Ўша вақтга келиб у Ўзбекистонда гляциология ва табиий географиянинг етакчи олими, Ўрта Осиё тасвирий география илмий мактабининг асосчиси ва раҳбари сифатида танилган эди. Географ сифатида унинг, биринчи навбатда, Помирни ўрганишга қўшган улкан ҳиссаси барчага маълум. Шунингдек, у 1927 йилда Ўрта Осиё музликларига оид биринчи монографияни – “Муксу и её ледники” китобини чоп этганлиги сабабли мамлакатимизда гляциология фанининг асосчиси ҳисобланади. Н.Л.Корженевскийнинг 1928 йилда чоп этилган “К вопросу о теоретических типах ледников Средней Азии” илмий асари ўлка музликлари генетик таснифини яратишнинг биринчи тажрибаси бўлди. 1930 йилда эса олим томонидан Ўрта Осиё тоғ музликлари тўғрисидаги маълумотларнинг илк илмий жамланмаси - “Каталог ледников Средней Азии” монографияси нашр эттирилди. 1937 йилда Н.Л.Корженевскийга диссертация ҳимоясисиз география фанлари доктори илмий даражаси берилди. Худди шу йили олим Ўрта Осиё давлат университетининг 1935 йилда ташкил этилган табиий география кафедрасига мудир этиб тайинланиб, то 1959 йилгача - вафот этгунига қадар шу лавозимда ишлади. 1940-йилларнинг бошиданоқ у бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Фанлар академияси Геология институтида геология-геоморфология бўлимини бошқарган. 1947 йилда республика Фанлар академиясининг мухбир аъзоси этиб сайланди. 1943 йилда, Н.Л.Корженевскийнинг илмий раҳбарлигида, Н.Д.Долимов маҳаллий олимлардан биринчи бўлиб география фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун диссертациясини ҳимоя қилди. У 1953 йилдан бошлаб Фанлар академияси тизимида фаолият юритган Ўзбекистон География жамиятини умрининг охиригача муваффақиятли бошқарган. Айнан унинг раислиги пайтида жамият илмий ишларининг тўпламлари мунтазам равишда нашр этила бошлади.

В.Л.Шульц (1908-1976)

Н.Л.Корженевскийдан кейин Ўзбекистон География жамияти президентлигига Ўрта Осиё тоғли ҳудудлар гидрологияси илмий мактабининг асосчиси Виктор Львович Шульц (1908-1976) тайинланди. География фанлари доктори, профессор В.Л.Шульц Ўрта Осиёда гидрология фанининг ривожланишига катта ҳисса қўшган, у ўз даврида муҳим ҳисобланган кўплаб сув хўжалиги лойиҳаларини илмий асослашда иштирок этган.Олимнинг 1949 йилда чоп этилган “Реки Средней Азии” китобида унинг ўлка дарёларига оид кўп йиллик тадқиқотлари фундаментал равишда умумлаштирилиб, Ўрта Осиё дарёларининг тўйиниш манбалари бўйича таснифи тузилди. Бу иш, ўз навбатида, В.Л.Шульцга география фанлари доктори илмий даражасини бериш учун асос бўлди. Кейинчалик профессор В.Л.Шульц «Таяние снежников в горах Средней Азии», «Гидрография Средней Азии», «Указания к производству расчетов стока в условиях Средней Азии» каби йирик илмий асарларни нашр этди. Олимнинг 1957 ва 1967 йилларда Афғонистонга амалга оширилган экспедициялари натижасида “Реки Афганистана” номли тадқиқот ишини ёзди. Профессор В.Л.Шульц чорак аср атрофида (1949-1972 йиллар давомида) университетнинг сув хўжалиги ва гидрология соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга катта ҳисса қўшган гидрология кафедрасига раҳбарик қилган. Бир вақтнинг ўзида у, 1959-1972 йиллар оралиғида Ўзбекистон География жамиятини ҳам бошқарган.

Л.Н.Бабушкин (1902-1976)

Республика География жамиятининг кейинги президенти Ўзбекистонда агроклиматология асосчиларидан бири ҳисобланган профессор Леонид Николаевич Бабушкин (1902-1976) бўлди. Л.Н.Бабушкиннинг Ўзбекистонда агроклиматология ривожланиши ва бу соҳанинг илмий-амалий жиҳатдан юқори чўққиларга эришишига қўшган ҳиссаси, олим тадқиқотларининг Ўрта Осиё ҳудудини агроиқлимий жиҳатдан тавсифлаш ва районлаштириш методикасини ишлаб чиқишдаги аҳамияти кўпчиликка маълум. Л.Н.Бабушкин илмий-педагогик фаолиятининг кейинги даври шогирди Н.А.Когай билан биргаликда амалга оширилган регионал табиий география ва ландшафтшуносликка оид кенг қамровли илмий тадқиқотлар, хусусан Ўзбекистонни табиий географик районлаштиришнинг классик схемасини яратиш билан диққатга сазовордир. Бежиз эмаски, профессор Л.Н.Бабушкин табиий география ва ландшафтшунослик Тошкент илмий мактабининг етакчиси сифатида, илмий ютуқлари бутун собиқ Иттифоқ миқёсида тан олинган чоғида, аниқроғи 1972-1976 йилларда Ўзбекистон География жамиятига раислик қилди.

О.М.Акрамхўжаев (1920-1996)

Л.Н.Бабушкин вафотидан сўнг, 1976 йилда, Ўзбекистон География жамияти президенти этиб геология-минералогия фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Обид Муродович Акромхўжаев (1920-1996) тайинланди. О.М.Акрамхўжаев Ўзбекистон Геология вазирлиги тасарруфидаги Нефть ва газ конлари геологияси ва қидируви илмий тадқиқот институтининг асосчиси ва биринчи директори (1959 йилдан бошлаб), Ўзбекистонда нефть геологияси ва литологияси илмий мактабининг асосчиси эди. 1970-йилларнинг бошларида олим нефть ва газ заҳираларини баҳолашнинг миқдорий-генетик усулининг янги вариантини таклиф қилди. Академик О.М.Акрамхўжаев 1979 йилда Ўзбекистондаги риф комплексларида табиий газ ва газ конденсатининг катта заҳираларини кашф қилганлиги ва ўрганганлиги учун СССР Давлат мукофотига сазовор бўлди. Ўзбекистон География жамиятини 20 йил давомида, яъни 1976-1996 йилларда бошқарган. О.М.Акрамхўжаев Жамиятнинг ташкилий жиҳатдан ривожланишига катта ҳисса қўшди. Раислиги даврида республика География жамиятининг 4 та съезди, хусусан, 1980 йилда I-съезди бўлиб ўтди. Кейинчалик Ўзбекистон География жамияти съездлари мунтазам равишда ҳар 5 йилда ўтказилди.

З.М.Акрамов (1923-2003)

1996-2003 йилларда Ўзбекистон География жамиятининг президенти лавозимида Беруний номидаги Ўзбекистон ССР Давлат мукофоти совриндори, Республикада хизмат кўрсатган фан арбоби, география фанлари доктори, профессор Акрамов Зиёвуддин Муҳитдинович (1923-2003) фаолият кўрсатди. З.М.Акрамов кўп йиллар давомида Жамият вице-президенти сифатида самарали хизмат кўрсатган эди. З.М.Акрамов Ўзбекистон Географик жамияти президенти бўлган даврида Жамиятнинг нодавлат нотижорат ташкилот сифатидаги, амалдаги Низоми ишлаб чиқилган ва тасдиқланган. Таъкидлаш жоизки, З.М.Акрамов Ўзбекистон география фанининг тарихида алоҳида ўрин тутган. У 1953 йилда Москва давлат университетида профессор Ю.Г.Саушкин раҳбарлигида “Наманган вилоятига иқтисодий географик тавсиф” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Орадан 8 йил ўтгач, 1961 йилда “Самарқанд ва Бухоро вилоятлари қишлоқ хўжалиги географияси” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, Ўзбекистон иқтисодий география соҳасида биринчи фан доктори бўлди. Ўша йилларда З.М.Акрамов республикамизда география фани ва таълимининг йирик ташкилотчиси сифатида фаолият олиб борди. Унинг ташаббуси билан 1958 йилда Ўзбекистон Фанлар Академияси қошида География бўлими ташкил этилди. Мазкур бўлимининг мудири сифатида З.М.Акрамов 1982-85 йилларда чоп этилган икки жилдли Ўзбекистон ССР Атласини тайёрлаш жараёнига улкан ҳисса қўшган. Олим 1970-1984 йилларда Тошкент давлат университетининг иқтисодий география кафедрасини бошқарган. Профессор З.М.Акрамов асосан агрогеография йўналиши бўйича Ўзбекистон ва қўшни республикаларда иқтисодий география ва минтақавий иқтисодиёт ихтисосликлари бўйича 20 та фан номзоди ва 2 нафар фан доктори тайёрлади. З.М.Акрамов Ўзбекистон ўрта ва олий ўқув юртларида иқтисодий ва ижтимоий географияни ўқитишнинг ўқув-услубий таъминотини такомиллаштиришга ҳам катта ҳисса қўшди. Профессор З.М.Акрамовнинг Ўзбекистон География жамиятининг вице-президенти ва президенти лавозимида узоқ муддат давом этган фаолияти унинг география фани ва таълимини ривожлантириш, географик билимларни кенг тарғиб қилишга қаратилган улкан ва кўп қиррали ишларининг ажралмас бир қисми ҳисобланади.

А.С.Солиев (1943-2016)

2003 йилда, З.М.Акрамов вафотидан сўнг, Ўзбекистон География жамиятининг Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган VI съездида раис этиб география фанлари доктори, профессор Абдусами Солиевич Солиев (1943-2016) сайланди. Олим республика География жамиятини 13 йил, яъни 2003 йилдан 2016 йилгача бошқарган. Собиқ Иттифоқ миқёсида аҳоли ва шаҳарлар географияси, ижтимоий география ва минтақавий иқтисодиёт соҳаларида йирик олим сифатида танилган А.С.Солиев республикамизда ижтимоий-иқтисодий география ва минтақавий иқтисодиёт соҳаларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга жуда катта ҳисса қўшди. Унинг илмий раҳбарлигида40 дан ортиқ номзодлик ва докторлик диссертациялари ҳимоя қилинди. А.С.Солиевнинг Ўзбекистон Миллий университети иқтисодий география кафедраси мудири сифатидаги узоқ муддатли (1984-2010 йиллар мобайнида) фаолияти ҳам мамлакатимизда юксак эътирофга сазовор бўлди. А.С.Солиев (1943-2016) А.С.Солиевнинг Ўзбекистон География жамияти фаолиятини жонлантириш, унинг съездлари (2006, 2009 ва 2014 йилларда) ҳамда илмий-амалий конференцияларини ташкил этиш ва ўтказиш, халқаро алоқаларини кенгайтириш борасидаги ютуқлари барчага яхши маълум. Унинг саъй-ҳаракатлари туфайли, илгари мунтазам нашр қилинмаган “Ўзбекистон География жамияти ахбороти” тўплами йилига 2 марта нашр этилаган даврий илмий журналга айланди. У “Ўзбекистон География жамияти ахбороти”нинг 24-48 жилдлари бош муҳаррири эди ва у ушбу журнални Олий Аттестация Комиссияси томонидан Ер ҳақидаги фанлар йўналиши бўйича етакчи илмий нашрлардан бири сифатида тан олинишигача олиб чиқди.

Ф.Ҳ.Ҳикматов (1952)

Профессор Абдусами Солиев 2016 йил март ойида тўсатдан вафот этганидан сўнг, Ўзбекистон География жамиятнинг раёсати томонидан Жамият раиси вазифасини вақтинча бажарувчиси этиб, таниқли гидролог-олим, география фанлари доктори, профессор Фазлиддин Ҳикматович Ҳикматов тасдиқланди. Тошкент гидрология мактабининг етук вакили, профессор О.П.Шеглова ва доцент А.Р.Расуловларнинг шогирди, профессор Ф.Ҳ.Ҳикматов Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларда, биринчи навбатда, дарёлар муаллақ оқизиқлари гидрологияси соҳасидаги тадқиқотлари билан машҳур. Олимнинг 2002 йилда муваффақиятли ҳимоя қилинган докторлик диссертацияси айнан шу масалага бағишланган. Ф.Ҳ.Ҳикматов кўп йиллар давомида ЎзМУнинг қуруқлик гидрологияси кафедрасига мудирлик қилиб, истеъдодли устоз-педагог ҳамда илм-фан ва таълимнинг етук ташкилотчиси сифатида танилди. Ҳозирги кунда профессор Ф.Ҳ.Ҳикматов – Ўзбекистонда гидрология фанининг умумэътироф этилган етакчиларидан бири. Ўзбекистон География жамияти раиси вазифасини бажарувчи сифатида Ф.Ҳ.Ҳикматов аввалги раҳбарларнинг фаолиятини, хусусан, “Ўзбекистон География жамиятининг ахбороти”нинг бош муҳаррири сифатида муваффақиятли давом эттириб келмоқда.

100174, Республика Узбекистан, г. Ташкент, ул. Университетская, д.4, главный корпус Национального университета Узбекистана

uzgeo.jam@mail.ru

+ 998 71 296 80 45; +998 90 323 08 52;
+998 98 271 89 40