Ўзбекистон География жамияти

Географическое общество Узбекистана

Foto Ўзбекистон География жамияти 120 йилдан узоқ бўлган тарихи 1897 йилда Тошкентда Императорлик Рус География жамияти Туркистон бўлимининг ташкил этилганлигидан бошланган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон География жамияти нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга бўлган республика илмий жамиятларидан бири ҳисобланади.

Бош сахифа / Халқаро хамкорлик

Халқаро ҳамкорлик

Ўз фаолияти давомида Ўзбекистон География жамияти хорижий географлар билан илмий ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор берди. Жумладан, кўп томонлама муносабатлар Россия Федерацияси географлари билан ўрнатилди. 2015 йил октябрь ойида Москва шаҳрида Рус География жамиятининг 170-йиллигига бағишланган халқаро фестивалда Рус География жамияти Президенти С.К.Шойгу ва Ўзбекистон География жамияти раиси А.С.Солиев иштирокида ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланди.

2015 йил октябрь ойида Москва шаҳрида РГЖ 170-йиллигига бағишланган халқаро фистевалда Ўзбекистон География жамияти ва Рус География жамияти ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолаш маросими

Ўзбекистон География жамияти ва Рус География жамияти ўртасидаги ҳамкорлик доирасида россиялик географлар ўз тадқиқотлари натижаларини “Ўзбекистон География жамияти ахбороти” журналида, Ўзбекистонда география бўйича ўтказиладиган халқаро ва республика илмий конференция материаллари тўпламларида, республикамиз географлари эса ўзларининг илмий ишларини Россиянинг илмий журналлари ва тўпламларида нашр этмоқдалар.

РГЖнинг Пенза бўлимининг “Современный этномир” экспедицияси аъзолари Ўзбекистон географлари билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида

Ўзбекистон География жамияти ва Рус География жамиятининг ижодий ҳамкорликнинг муҳим саҳифалари РГЖ Пенза бўлими томонидан ташкил этилган 2018 йил октябрь ойидаги “Современный этномир” экспедицияси бўлди. Унинг мақсади Ўзбекистондаги рус ва русийзабон аҳолининг турмуш тарзи ва маданиятини ўрганиш эди. Ўзбекистон География жамияти вакиллари Тошкент, Самарқанд ва Бухородаги объектларни мақсадли ўрганишда экспедициянинг ишида бевосита иштирок этдилар. Россия экспедицияси иштирокчиларига Ўзбекистонда рус ва русийзабон аҳолининг динамикаси ва ҳудудий таркиби, республикада рус тили ва маданиятининг тарқалишидаги ҳудудий тафовутлар билан боғлиқ илмий ва статистик маълумотлар берилди. Экспедиция натижаларига кўра, Россиядаги турли босма ва электрон нашрларда Ўзбекистон ва унда рус тили ва маданиятининг ривожланишига оид бир қатор илмий ва илмий-публицистик мақолалар чоп этилди, шунингдек, Пенза шаҳрида Ўзбекистонга бағишланган кенг кўламли фотокўргазма ташкил этилди.

РГЖнинг Пенза бўлимининг “Современный этномир” экспедицияси аъзолари Ўзбекистон географлари билан Самарқанд давлат университетида

Ўзбекистон География жамияти билан Россия ижтимоий географлари ассоциацияси (АРГО) ўртасидаги ҳамкорлик – ижтимоий-иқтисодий география соҳасида фаол ривожланмоқда. Бу борадаги кўп томонлама муносабатларининг ривожланиши Ўзбекистон География жамияти собиқ раиси профессор А.С.Солиев ва АРГО уюшмасининг асосчиси ва президенти профессор А.Г.Дружинин ўртасида алоқалар ўрнатилишидан бошланди. 2011 йил апрел ойида В.П.Астафьев номидаги Красноярск давлат педагогика университети негизида Россия ижтимоий географлари ассоциациясининг Ўзбекистон География жамияти билан ҳамкорликда ташкил этилган “География, тарих ва геоэкология илм-фан ва инновацион таълим ҳизматида” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Мазкур анжуман ялпи мажлисининг дастурида илмий маърузаси билан профессор А.С.Солиев иштирок этди.

Красноярск давлат педагогика университети ректори, профессор Н.И.Дроздов, Ўзбекистон География жамияти раиси, профессор А.С.Солиев, КДПУ иқтисодий география кафедраси мудири, профессор А.И.Шадрин (2011)

2014 йилда Ўзбекистон География жамияти ва Россия ижтимоий географлари ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. 2014 йилда АРГО томонидан нашр этилган “Феномен культуры в российской общественной географии (экспертные мнения, аналитика, концепты)” монографиясини шакллантиришда А.С.Солиев ва В.Н.Федорко Ўзбекистон Республикасида рус маданиятининг ижтимоий-географик таҳлилига бағишланган тадқиқотлари билан қатнашдилар. Шу йили А.С.Солиев Санкт-Петербургдаги АРГО нинг V ассамблеясида иштирок этди ва “АРГО нинг фахрий хорижий аъзоси” дипломи билан тақдирланди.

Профессор А.С.Солиев РФА Академиги П.Я.Бакланов ва АРГО президенти, профессор А.Г.Дружинин билан биргаликда АРГОнинг V Ассамблеясида (Санкт-Петербург, 2014 й.)

Ўзбекистон География жамияти ва Россия ижтимоий географлари ассоциацияси ўртасида илмий журналларда (“Ўзбекистон География жамияти ахбороти” ва “Социально-экономическая география. Вестник АРГО”) илмий мақолаларни чоп эттириш бўйича ўзаро алмашинув амалиёти йўлга қўйилган. 2018 йил май ойида Россия ижтимоий географлари ассоциацияси президенти, профессор А.Г.Дружинин ўзининг илмий изланувчиси В.Н.Федорконинг география фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертациясини ҳимояси муносабати билан Тошкентга ташриф буюрди. А.Г.Дружинин Ўзбекистон Миллий университети География ва табиий ресурслар факультети раҳбарияти билан учрашди. Бу учрашув натижасида ЎзМУ География ва табиий ресурслар факультети ҳамда Калининград шаҳридаги И.Кант номидаги Балтика Федерал университетининг Табиатдан фойдаланиш, ҳудудий ривожланиш ва шаҳарсозлик институти ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида шартнома имзоланди. 2018 йилнинг августида Тошкент ва Калининград географлари ўртасида ижодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш доирасида В.Н.Федорко Калининград шаҳрига ташриф буюриб, “Болтиқбўйи минтақаси – ҳамкорлик ҳудуди-2018: Россия ғарбий чегараси бўйлаб трансмиллий ҳамкорлик муаммо ва истиқболлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этди.

Мирзо Улуғбек номидаги ЎзМУ География ва табиий ресурслар факультети ва Иммануил Кант номидаги Болтиқ Федерал университети ўртасидаги ўзаро хамкорлик тўғрисида шартноманинг имзоланиши, 2018 йил 2 май

Ўзбекистон География жамияти Қозоғистон географлари билан ҳам узоқ тарихи ва мустаҳкам пойдеворга эга бўлган ижодий алоқаларни ривожлантирмоқда. Профессорлар А.С.Солиев, М.Маматқулов, Ҳ.Вахабов, А.Н.Нигматов узоқ йиллар мобайнида Фаробий номидаги Қозоғистон Миллий университети ва Қозоғистон Республикаси Фанлар академияси тизимидаги География институти қошидаги география фанлари бўйича илмий даражалар берувчи Кенгашларнинг аъзолари бўлганлар. Шунингдек, уларнинг ишида илмий маслаҳатчи ва расмий оппонентлар сифатида иштироқ этганлар. Ўзбекистон географлари Қозоғистондаги илмий-амалий конференцияларда мунтазам иштирок этадилар, Ўзбекистон География жамияти томонидан ташкил этилган конференцияларда эса қўшни мамлакатдаги ҳамкасбларимиз доимо қатнашиб келадилар. Қозоғистонлик географлар тадқиқот натижаларини “Ўзбекистон География жамияти ахбороти” журналида нашр этадилар. Ўзбек географлари, ўз навбатида, илмий ишларини Қозоғистонда чоп этиладиган “Вестник КазНУ. Серия географическая”, “Вопросы географии и геоэкологии” журналларида нашр этадилар.

Астанада Қозоқ География жамиятининг ташкилий Съездида Ўзбекистон География жамияти раиси, профессор А.С.Солиевнинг маърузаси (2010 й.)

Ўзбекистон ва Туркманистон географлари ўртасидаги муносабатлар узоқ анъаналарга эга. Бир қатор ўзбекистонлик географлар, хусусан, И.Назаров, А.Зокиров, У.Нуров, Б.Бахритдинов турли йилларда Ашхабоддаги Туркманистон Фанлар академиясининг Чўллар институти (ҳозирги кунда Туркманистон Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ер ресурслари Давлат Қўмитаси тасарруфидаги Чўллар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси Миллий институти) қошидаги Ихтисослашган кенгашда ўз номзодлик ва докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган эдилар. Шу билан бирга, туркман географларидан Б.Суюндуков, М.Худаяров ва бошқалар ўз илмий ишларини Тошкентда ҳимоя қилганлар. Ўзбекистонлик географлар Туркманистонда ўтказиладиган география ва экология масалаларига бағишланган халқаро конференциялар ва семинарларда, туркман ҳамкасблари, ўз навбатида, Ўзбекистондаги тегишли илмий-амалий тадбирларда маъруза ва мақолалари билан иштирок этадилар. Ўзбекистонлик географлар ўз мақолаларини “Проблемы освоения пустынь” халқаро илмий-амалий журналида, туркман географлари эса ўз тадқиқотлари натижаларини “Ўзбекистон География жамияти ахбороти” илмий журналида нашр эттирмоқда. “Проблемы освоения пустынь” журналининг халқаро таҳририятига турли йилларда ўзбек географлари, профессорлар А.С.Салиев, Э.И.Чембарисов ва Л.А.Алибековлар аъзо бўлган. Маҳаллий ва хорижий нашрларда Туркманистон Фанлар академиясининг академиги, РФА мухбир аъзоси А.Г.Бабаев ва Самарқанд давлат университети профессори Л.А.Алибеков ҳаммуаллифлигида яратилган Марказий Осиёда чўлланишга қарши курашиш муаммолари, минтақанинг Орол экологик инқирози шароитида барқарор ривожланиш истиқболлари ва географик асосларига бағишланган бир нечта мақолалари чоп этилган.

География фанлари докторлари, профессорлар А.С.Солиев ва Э.И.Чембарисов Туркманистон Фанлар Академияси академиги, РФА мухбир аъзоси А.Г.Бабаев билан Ашхобод шаҳрида

2019 йил 13-19 май кунлари Тошкентда “Ўзбекистон ва Россияда география фани: умумий муаммолари, ҳамкорлик имкониятлари ва истиқболлари” мавзуидаги Халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Бу катта тадбир Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон география жамияти ҳамда Россия ижтимоий географлари ассоциацияси томонидан ташкил этилди. Мажлисларда 33 нафар ўзбекистонлик географ, жумладан 10 афар фан доктори ўз маърузалари билан иштирок этдилар. Конференция ишида 7та хорижий мамлакат (Босния ва Герцеговина, Грузия, Қозоғистон, Хитой, Польша, Россия, Тожикистон) дан 62 нафар мутахассис, хусусан 27 та фан доктори бевосита қатнашди. Энг кўп сонли делегация билан россиялик географлар қатнашдилар: Тошкентга Россиянинг 16 та шаҳри (Барнаул, Белгород, Владиоҳвосток, Волгоград, Воронеж, Екатеринбург, Иркутск, Калининград, Москва, Новосибирск, Оренбург, Ростов-Дон, Санкт-Петербург, Смоленск, Улан-Удэ, Хабаровск) дан 45 нафар географ, иқтисодчи, тарихчи, социолог, эколог, файласуф олимлар (шу жумладан 17 нафар фан доктори) келиб, конференцияда ўз маърузалари билан иштирок этишди. Халқаро конференция материаллари махсус тўплам кўринишида нашр этилиб, 12 та давлат (Озарбайжон, Буюк Британия, Грузия, Германия, Қозоғистон, Қирғизистон, Польша, Босния ва Герцеговина, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон, Украина) вакиллари ҳисобланган 200 тадан зиёд муаллифдан жами 125 та тезис ушбу тўпламдан жой олди.

“Ўзбекистон ва Россияда география фани: умумий муаммолари, ҳамкорлик имкониятлари ва истиқболлари” Халқаро илмий-амалий конференцияси иштирокчилари

100174, Республика Узбекистан, г. Ташкент, ул. Университетская, д.4, главный корпус Национального университета Узбекистана

uzgeo.jam@mail.ru

+ 998 71 296 80 45; +998 90 323 08 52;
+998 98 271 89 40